image

Урганч шаҳрида яшовчи фуқародан гиёҳванд моддаси топилди.

date_range20.10.2022, 13:29
Республикамизда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга чек қўйиш мақсадида жорий йил мабойнида икки босқичда “Қорадори-2022” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири ўтказилганлиги ва ушбу тадбир давомида Хоразм вилоятида ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир қанча жиноятлар фош этилганлиги, жиноятчилардан ҳар хил турдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ашёвий далил тариқасида олинганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Шунингдек, сентябрь ойининг якунида “Қорадори-2022” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи якунланганлиги, аммо гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бир зум ҳам тўхтамаслиги тўғрисида айтиб ўтган эдик.

Бунга Хоразм вилояти ИИБ Тезкор қидирув бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 17 октябрь куни фош этилган гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ўтказиш билан боғлиқ навбатдаги жиноят мисол бўла олади.
Хусусан, Урганч шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган, Қ.О. Урганч шаҳрининг “Саноатчилар” кўчасида танишига алоҳида қадоқланган икки бўлак “героин” гиёҳвандлик воситасини 650 000 сўмга сотаётган пайтида тезкор ходимлар томонидан жиноят устида қўлга олинди. Дастлабки суриштирув жараёнида у ушбу гиёҳвандлик воситасини Урганч шаҳрида яшовчи, тенгдоши, Ю.Б. дан сотиб олганлиги, ўз навбатида эса Ю.Б. ушбу  гиёҳвандлик воситасини Урганч шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган таниши, Ж.Ф.дан сотиб олганлиги тўғрисида кўрсатма берганлиги сабабли, назорат тартибида ўтказилган тадбирда Ж.Ф. бир бўлак “героин” гиёҳвандлик воситасини Ю.Б. га 300 000 сўмга сотаётганида тезкор ходимлар томонидан ушланди.
Шундан кейин Ж.Ф. га тегишли “Спарк” русумли автомашина салони кўздан кечирилганида, у ерда яна бир бўлак “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.
Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондорлар эса эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати