HUDUD YANGILIKLARI • ÖZBEKISTON • DUNYO
TelegramInstagram
XORAZMNING BUGUNGI KUNIHudud hayoti, muhim qarorlar va dolzarb xabarlar
DOLZARBXorazm va Özbekistondagi muhim voqealar bir manzildaKanalga obuna böliş ↗
Reklamangizni Xorazmliklar.uz saytida joylaştiringReklama uçun maydon
XORAZMLIKLAR TASMASI

Sönggi yangiliklar.

Шовотда жиноятчилик 42,4 фоизга ошди: 139 та кибержиноят қайд этилган, 54 та жиноят иши қўзғатилган

Хоразм вилоятининг Шовот туманида 2026-йилнинг дастлабки 9 ойида 215 та жиноят содир этилган. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 64 тага ёки 42,4 фоизга кўп. Айниқса, кибержиноятлар сони кескин ошган. Шунингдек, прокуратура текширувларида маҳаллалардаги профилактика ишлари ва айрим масъулларнинг фаолиятида жиддий камчиликлар аниқланган.Бу ҳақда халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашининг 2026-йил 27-октябрдаги VII-30-103-12-177-К/26-сонли қарорида маълум қилинган.

Мазкур ҳужжатда Шовот тумани прокурори Дилмурод Давлетовнинг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳисоботи кўриб чиқилган.

Кибержиноятлар сони қарийб икки бараварга ошган

Қарорда келтирилган маълумотларга кўра, туманда 2025-йилнинг дастлабки 9 ойида 151 та жиноят қайд этилган бўлса, 2026-йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 215 тага етган.

Айниқса, кибержиноятлар сонида сезиларли ўсиш кузатилган. Ўтган йилнинг мос даврида 73 та кибержиноят содир этилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 139 тага етган. Бу 66 тага ёки 90,4 фоизга кўп.

Шу тариқа, туманда қайд этилган жами жиноятларнинг қарийб 65 фоизини кибержиноятлар ташкил қилган.

Шунингдек, аниқланадиган жиноятлар сони 40 тадан 51 тага, оғир жиноятлар эса 94 тадан 155 тага ошган. Ўта оғир жиноятлар сони 8 тадан 6 тага камайган.

Туман бўйича ҳар 100 минг нафар аҳолига ўртача 115,8 та жиноят тўғри келган.

Шу билан бирга, олдини олиш имконияти бўлган жиноятлар сони 38 тадан 25 тага, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 17 тадан 8 тага камайган.

101 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган

Туман прокуратураси томонидан қонунлар ижроси устидан назорат доирасида 90 та текшириш ўтказилиб, 198 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилган.

Натижада 101 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Қонунга зид ёки асоссиз бўлган 37 та ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинган ёхуд қонунчиликка мувофиқлаштирилган.

Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 58 та тақдимнома киритилган. Кўрилган чоралар натижасида 53 нафар шахс интизомий, 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан эса 54 та жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, мониторингга олинган корхоналарда 2026-йил 1-июл ҳолатига иш ҳақи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Бешчиқир маҳалласидаги уч нафар масъулга нисбатан интизомий иш қўзғатилган

Прокуратура текширувларида Бешчиқир маҳалласида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган “Йўл харитаси” ижроси етарли даражада таъминланмагани аниқланган.

Жумладан, маҳалла ёшлар етакчиси Р. Матқурбанов ўзига юклатилган икки банднинг бирортасини ҳам тўлиқ бажармаган. Ишсиз ёшларни “Ёшлар дафтари”га киритиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари бажарилмаган.

Маҳалла ҳоким ёрдамчиси Х. Нуржонова ҳам ўзига тегишли учта банд ижросини тўлиқ таъминламаган. Хорижда ишлашни режалаштираётган фуқароларни тил ва касб-ҳунар курсларига жалб қилиш вазифалари бажарилмаган.

Бундан ташқари, икки нафар фуқарога имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш белгиланган бўлса-да, уларга кредит ажратилмаган.

Маҳалла раиси Ш. Холимов томонидан ҳам айрим профилактик тадбирлар амалга оширилмагани аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчисига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

169 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган

2026-йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Шовот туманида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида 169 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, зўравонликка дучор бўлган аёлларнинг 98 нафари эри, 4 нафари қайнонаси, яна 4 нафари келини томонидан зўравонликка учраган.

Шунингдек, туманда рўйхатда турган 96 та нотинч оиланинг муаммоларини ҳал этиш бўйича етарли ишлар амалга оширилмагани кўрсатилган.

Йўл-транспорт ҳодисаларида уч нафар фуқаро вафот этган

Қарорга кўра, 2026-йилнинг дастлабки 8 ойида Шовот туманида 6 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада 3 нафар фуқаро вафот этган, яна 3 нафари тан жароҳати олган.

Туман прокуратураси йўлларни таъмирлаш, йўл чизиқларини чизиш, янги йўл белгиларини ўрнатиш ва кўчаларни ёритиш бўйича тадбирлар етарли даражада олиб борилмаётганини қайд этган.

Ички ишлар органларининг 46 та қарори бекор қилинган

Прокуратура текширувларида туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан жиноят ҳақидаги хабарларни кўриб чиқишда процессуал қонунчилик талабларига риоя қилинмаган ҳолатлар ҳам аниқланган.

Хусусан, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги 44 та қарор бекор қилиниб, ҳисобдан яширилган жиноятларни ҳисобга қўйиш таъминланган.

Яна 2 та қарор бекор қилиниб, қўшимча текширувлар натижасида жиноят ишлари қўзғатилган.

Бу ҳолатлар юзасидан тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.

Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича янги вазифалар белгиланди

Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгаши прокурор Дилмурод Давлетовнинг ҳисоботини қониқарли деб топган.

Шу билан бирга, туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими, маҳалла еттилиги ва бошқа масъул ташкилотларга жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш топширилган.

Хусусан, тумандаги 52 та маҳалланинг ҳар бирида жиноятчиликка сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш, муаммоли ёшлар ва нотинч оилалар билан индивидуал ишлаш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, рўйхатда турган 96 та нотинч оиланинг ҳар бири бўйича алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Туман ҳокимлиги ва ички ишлар бўлими ҳар ҳафта якунида жиноятчилик, кибержиноятлар, оилавий низолар, ишсизлик ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб бориши белгиланган.

Қарорга кўра, амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар 2026-йил якунига қадар халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашига тақдим этилиши лозим.

Қарор ижросини назорат қилиш Кенгашнинг коррупсияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси М. Кариев зиммасига юклатилган.

Манба: Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашининг 2026-йил 27-октябрдаги VII-30-103-12-177-К/26-сонли қарори.
Uşbu xabarni ulaşingTelegram ↗
MAXSUS BÖLIM

Voqealar markazida — Xorazm

Dolzarb mavzularni izçil yoritamiz.

Xorazm yangiliklari ↗