Хоразм вилоятининг Шовот туманида 2026-йил кузги мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 291 минг 470 туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилган. Шунингдек, туманда янги жамоатчилик боғлари, микроўрмонлар ва сояли сайр кўчалари ташкил этилади.Бу ҳақда халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашининг 2026-йил 27-октябрдаги VII-30-105-12-177-К/26-сонли қарорида белгиланган
Мазкур қарор Президентнинг 2026-йил 23-сентябрдаги ПФ-206-сонли фармони ижросини таъминлаш, маҳаллаларнинг яшиллик даражасини ошириш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш мақсадида қабул қилинган.
Туманда қандай ишлар амалга оширилади?
Тасдиқланган “Яшил дастур”га мувофиқ, 2026-йил декабр ойига қадар қуйидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган:
• 291 минг 470 туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш;
• Маҳаллаларнинг яшиллик даражасини 15,8 фоизга етказиш;
• 2 та ҳудудда умумий узунлиги 1 километр бўлган “Сояли сайр кўчаси” ташкил этиш;
• 2 та жамоатчилик боғини 0,02 гектар майдонда ташкил этиш;
• Маҳаллаларда микроўрмонлар барпо этиш;
• “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 0,15 гектар майдонда янги “Яшил боғ” яратиш;
• “Яшил лот” дастури доирасида 10 та ер участкасини аниқлаш ва эълон қилиш;
• 2 та компостлаш ва мулчалаш ишчи нуқтасини ташкил этиш;
• 6 та шох-шабба майдалаш техникасини жалб қилиш;
• Экологик кўрсаткичларни акс эттирувчи 5 та баннер ва электрон табло ўрнатиш.
Қарорнинг асосий қисмида 3 та ҳудудда микроўрмон ташкил этиш кўрсатилган бўлса, илованинг умумий кўрсаткичлар жадвалида 2 та микроўрмон белгиланган.
Кўчатлар маҳаллалар кесимида экилади
Қарорга илова қилинган манзилли дастурда тумандаги маҳаллалар учун алоҳида кўчат экиш кўрсаткичлари белгиланган.
Жумладан, Дўстлик маҳалласида 2 минг 576 туп, Янгиобод маҳалласида 2 минг 518 туп, Бунёдкор маҳалласида 3 минг 101 туп, Пахтакор маҳалласида 6 минг 714 туп, Шовот маҳалласида 2 минг 660 туп ҳамда Истиқбол маҳалласида 4 минг 532 туп кўчат ва қаламча экиш режалаштирилган.
Шунингдек, мавжуд яшил майдонлар хатловдан ўтказилиб, яшиллик даражаси паст бўлган ҳудудлар аниқланади. 2027-йил баҳорги кўкаламзорлаштириш ишларини биринчи навбатда ана шу ҳудудларга йўналтириш белгиланган.
Экилган дарахтларни нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Қарорда янги ташкил этиладиган “Яшил боғ” ҳудудидаги дарахтларни сақлаш ва парваришлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, туман ҳокимининг ўринбосари Р. Рўзимов ҳамда Экополициянинг Шовот тумани бўлими бошлиғи Л. Қуромбоевга боғ ҳудудига экиладиган мевали ва манзарали дарахтларни суғориш тизимини ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Экополиция ва туман Ободонлаштириш бошқармаси масъулларига “Яшил боғ” ҳудудидаги дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилиш ҳолатларига нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш вазифаси белгиланган.
Ишлар қандай маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади?
Тасдиқланган дастурга кўра, кўкаламзорлаштириш тадбирлари маҳаллий буджет, масъул ташкилотларнинг ўз маблағлари, ҳомийлик ва грант маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Мазкур ишларни амалга оширишда Шовот тумани ҳокимлиги, Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими, экология соҳаси масъуллари, Хоразм давлат ўрмон хўжалиги ва туман Ободонлаштириш бошқармаси иштирок этади.
Қарор ижроси назоратга олинди
Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгаши Экополициянинг туман бўлими бошлиғи Лазизбек Қуромбоевнинг мазкур масала юзасидан ахборотини маълумот учун қабул қилган.
Қарор ижросини назорат қилиш Кенгашнинг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси О. Садуллаев зиммасига юклатилган. Қарор ижросини таъминлаш учун эса туман ҳокимининг тегишли соҳалар бўйича ўринбосари Р. Рўзимов ҳамда Экополиция туман бўлими бошлиғи Л. Қуромбоев масъул этиб белгиланган.
Мазкур қарор 2026-йил 27-октябрдан кучга кирган.
Манба: Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашининг 2026-йил 27-октябрдаги VII-30-105-12-177-К/26-сонли қарори.