Хоразм вилоятидан ўтувчи Д213 автомобил йўлининг айрим қисмларида ҳаракат тезлиги соатига 100 километрдан 70 километргача пасайтирилади. Ушбу участкаларга тегишли йўл белгилари ўрнатилиши белгиланган.Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 26-октябрдаги VII-27-120-12-0-К/26-сонли қарорига мувофиқ, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда.
Қарорга кўра, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Автомобил йўллари бош бошқармасига Д213 автомобил йўлининг 16–20-километрлари оралиғида ҳаракат тезлигини соатига 100 километрдан 70 километргача пасайтириш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, ушбу ҳудудда тезликни соатига 70 километр билан чекловчи 3.24-йўл белгиси ҳамда чеклов тугашини билдирувчи 3.25-йўл белгисини ўрнатиш таъминланиши керак.
Қарор 2026-йил 26-октябрда қабул қилинган бўлиб, тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳайдовчиларга мазкур йўл участкасида ўрнатиладиган йўл белгиларига қатъий риоя қилиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тавсия этилади.
Манба: Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 26-октябрдаги қарори.