HUDUD YANGILIKLARI • ÖZBEKISTON • DUNYO
TelegramInstagram
XORAZMNING BUGUNGI KUNIHudud hayoti, muhim qarorlar va dolzarb xabarlar
DOLZARBXorazm va Özbekistondagi muhim voqealar bir manzildaKanalga obuna böliş ↗
Reklamangizni Xorazmliklar.uz saytida joylaştiringReklama uçun maydon
XORAZMLIKLAR TASMASI

Sönggi yangiliklar.

Хоразмда 114 минг нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ҳисобга олинган

Хоразм вилоятида 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 мингдан ортиқ кишига 19,9 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 36 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жой билан таъминланди.
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 23-октябрдаги VII-27-116-12-0-К/26-сон қарорида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси фаолияти ва йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган.

Вилоятда 114 мингдан ортиқ фуқаро ижтимоий ҳимояга муҳтож

Қарорда келтирилишича, вилоятда жами 114 067 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ҳисобга олинган.

Уларнинг 64 375 нафари ногиронлиги бўлган шахслар, 31 340 нафари Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари ҳисобланади. Шунингдек, 391 нафар ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс, 345 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ҳам тегишли рўйхатларда қайд этилган.

Бундан ташқари, ота-онаси хорижга ишлаш учун кетган 10 331 нафар бола, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган 975 нафар фуқаро ҳамда тазйиқ ва зўравонликка учраган 3 082 нафар шахс алоҳида эътиборга олинган.

Ногиронлиги бўлган минглаб фуқароларга ёрдам кўрсатилди

2026-йилда ногиронликни белгилашнинг янги стандартлари асосида 3 378 нафар шахсга ногиронлик гуруҳи белгиланган. Шундан 1 376 нафари янги қўшилган 21 та касаллик бўйича ногиронлик гуруҳини олган.

Янги тартиб асосида эндопротезлаш, ОИВ ва ОИТС каби касалликлар билан боғлиқ ҳолатларда 917 нафар шахсга ногиронлик гуруҳи муддациз белгиланган.

Ҳисобот даврида 2 345 нафар фуқарога реабилитация хизматлари кўрсатилган, 7 262 нафар шахс протез ва реабилитация воситалари билан таъминланган.

Шунингдек, 24 та маҳаллада кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилиб, оғир тоифадаги ногиронлиги бўлган 404 нафар бола ушбу хизмат билан қамраб олинган.

Зўравонликдан жабрланган аёлларга ёрдам берилди

Ҳисобот даврида тазйиқ ва зўравонликка учраган 3 082 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари расмийлаштирилган.

Улардан 853 нафари бирламчи кўмак хоналарига жойлаштирилиб, психологик ва юридик хизматлар билан таъминланган. Яна 112 нафар аёл Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилган. Марказда уларга касб-ҳунар ўрганиш имконияти ҳам яратилган.

Ота-онаси хорижда бўлган болалар билан ишлаш кучайтирилади

Ижтимоий ходимлар томонидан ота-онаси хорижга кетгани сабабли қаровсиз қолган 1 951 нафар бола аниқланиб, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва васийлик масалаларини ҳал этиш чоралари кўрилган.

Мониторинг натижасида ушбу тоифадаги 4 214 нафар бола оиласига қайтарилган.

Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 839 нафар болага жами 2,2 миллиард сўм ёрдам ажратилган. 36 нафар бола уй-жой билан таъминланган, 59 нафари эса имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Вилоятда зўравонликдан жабрланган ёки хавф остида бўлган болалар учун Урганч, Боғот ва Гурлан туманларида учта «Хавфсиз муҳит» ижтимоий кўмак маркази фаолияти йўлга қўйилган. Марказларга жойлаштирилган 37 нафар боланинг 21 нафари индивидуал ишлар натижасида оиласига қайтарилган.

«Саховат ва кўмак» жамғармасидан 19,9 миллиард сўм ажратилган

Ҳисобот даврида «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали 20 327 нафар шахсга жами 19,9 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, «Ижтимоий реестр»га киритилган ва даволанишга муҳтож 770 нафар фуқарога «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали ёрдам берилган. Уларнинг операциялари ва зарур даволаш муолажалари амалга оширилган.

Ижтимоий ҳимоя хизматларини такомиллаштириш топширилди

Вилоят Кенгаши ҳисоботни маълумот учун қабул қилган ва ижтимоий ҳимоя соҳасида айрим тизимли муаммолар мавжудлигини қайд этган.

Қарор билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда тегишли ташкилотларга ижтимоий хизматлар сифатини ошириш вазифаси юклатилган.

Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, таълим ва спортга жалб этиш, бандлигини таъминлаш, етим болалар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш самарадорлигини ошириш белгиланган.

Шунингдек, Урганч давлат педагогика институтига махсус педагогика йўналишида илмий салоҳиятни ривожлантириш, 2026–2031-йилларга мўлжалланган режа доирасида 27 нафар иқтидорли битирувчини етакчи олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига юбориш вазифаси қўйилган.

Манба: Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2026-йил 23-октябрдаги VII-27-116-12-0-К/26-сон қарори.
Uşbu xabarni ulaşing
MAXSUS BÖLIM

Voqealar markazida — Xorazm

Dolzarb mavzularni izçil yoritamiz.

Xorazm yangiliklari ↗