image

Хоразмда техникум ўқувчиларини имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш имконияти яратилади

date_range16.10.2026, 03:20
Хоразм вилоятида корхона ва инвесторлар буюртмаси асосида зарур касб эгалари тайёрланади. Бунда айрим ўқувчилар техникумларга имтиҳонларсиз, тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин.

Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 9-сентябрдаги 352-12-0-Қ/26-сон қарорида белгиланган. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 20-августдаги 449-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган. 

Ўқишга қабул қилиш қандай амалга оширилади?

Қарорга кўра, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб инвесторлар буюртмаси асосида техникумларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бундай таълим тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, харажатлар жисмоний шахслар ёки инвесторлар маблағлари ҳисобидан қопланади.

Инвестор буюртмаси асосида техникумга ўқувчилар тегишли касб ва мутахассисликлар бўйича тўғридан-тўғри, яъни имтиҳонларсиз қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, инвестор буюртмаси асосида ташкил этилган алоҳида гуруҳларнинг ўқув режалари ва дастурларига иш берувчиларнинг таклифлари асосида 30 фоизгача ўзгартириш киритишга рухсат берилади. Бу ўқувчиларга корхоналарда талаб юқори бўлган амалий кўникмаларни эгаллаш имконини беради.

Иш берувчилар учун қандай имконият бор?

Техникумлар билан дуал таълимни йўлга қўйган ва битирувчилар бандлигини таъминлаган ташкилотларга кредит ажратиш тартиби ҳам тасдиқланган.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1-февралга қадар ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёжи бор инвесторлар рўйхатини шакллантиради. Ушбу маълумотлар Касбий таълим агентлигига тақдим этилади.

Янги тартибдан кўзланган мақсад — таълим муассасаларида корхоналарга керакли мутахассисларни тайёрлаш ва техникум битирувчиларининг иш билан таъминланиш имкониятларини кенгайтириш.

Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 9-сентябрдаги 352-12-0-Қ/26-сон қарори.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни: Rasmiy qarorni o‘qish⁠.