Хоразм вилоятида 2026-йил октябр–ноябр ойларида мактаб ва касбий таълим муассасаларининг битирувчи ўғил болалари, шунингдек, илгари ҳарбий ҳисобга олинмаган катта ёшдаги фуқаролар чақирув участкаларида қайд этилади.Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2026-йил 14-сентябрдаги 354-12-0-Қ/26-сон қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳисобга олиш тадбирларини ташкил этади. Жараёнда ёшлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг оилавий шароитлари ўрганилади, ҳарбий хизматга оид ҳуқуқ, мажбурият ва имтиёзлар тушунтирилади.
Шунингдек, чақирув участкаларида тиббий кўрикларни ташкил этиш, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда тиббий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш вазифалари белгиланган.
Чақирув участкасига сабабсиз келмаган фуқаролар бўйича ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши назарда тутилган.
Муҳим: чақирув участкасида ҳарбий ҳисобга қўйиш ҳарбий хизматга дарҳол жўнатиш дегани эмас. Қарор айнан фуқароларни ҳисобга олиш ва тегишли ташкилий тадбирларни ўтказишга қаратилган.
Манба: Хоразм вилояти ҳокимининг 2026-йил 14-сентябрдаги 354-12-0-Қ/26-сон қарори.
Расмий ҳужжат: Qarorning to‘liq matni.