Хива туманида узоқ вақтдан бери фаолият юритмаётган корхоналарни аниқлаш, уларнинг ишини тиклаш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.Хива тумани ҳокимининг 2026-йил 15-октябрдаги фармойишига мувофиқ, тумандаги фаолияциз ёки узоқ муддат давомида иқтисодий фаолият юритмаётган корхоналар хатловдан ўтказилади. Уларнинг фаолияти тўхтаб қолиш сабаблари ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича манзилли ишлар амалга оширилади.
Жараёнга тижорат банклари, солиқ инспекцияси, иқтисодиёт ва молия бўлими, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими жалб этилади.
Тижорат банклари корхона раҳбарлари ва таъсисчилари билан учрашиб, уларнинг молиявий аҳволи ҳамда кредит маблағларига эҳтиёжини ўрганади. Солиқ органлари эса қарздорлик, ҳисоботлар ва солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ муаммоларни қонуний ҳал этишда тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатади.
Шунингдек, фаолияти тикланиши мумкин бўлган корхоналар учун зарур ишчи кучи аниқланиб, ишсиз фуқароларни мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва янги иш ўринларини яратиш чоралари кўрилади.
Фармойишда ҳар бир фаолияциз корхона бўйича алоҳида маълумот шакллантириш, аниқланган муаммолар, уларни ҳал этиш чоралари, масъуллар ва ижро муддатларини белгилаш назарда тутилган. Масъул ташкилотлар амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ой туман ҳокимлигига ҳисобот тақдим этиб боради.
Белгиланган чора-тадбирларнинг натижаси корхоналарнинг амалда қайта ишга туширилиши, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши ҳамда янги иш ўринлари яратилиши билан баҳоланади.