Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида давлат боғчаси мудираси тадбиркордан 15 миллион сўм пора олганликда айбдор деб топилди. Суд унга 3 йил қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди хабар берди. Суд маълумотларига кўра, 2025-йил август ойида “Смарт меат шоп” МЧЖ Янгибозор туманидаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига озиқ-овқат етказиб бериш бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлган.
Бироқ боғча мудираси тадбиркордан ҳар ойлик хизмат ҳақининг 20 фоизини талаб қилган. Акс ҳолда, таомномани тасдиқламаслигини, бунинг натижасида хизмат учун пул тўланмаслигини билдирган.
Тадбиркор бу талабга рози бўлмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. У мудира билан кейинги суҳбатларини ҳам ёзиб олган.
Маълум бўлишича, 2025-йил сентябр ойида корхона боғчага 75 миллион сўмлик хизмат кўрсатган. Шунинг 20 фоизи — 15 миллион сўмни мудира 2025-йил 6-октябр куни Янгийўп маҳалласида, яшаш хонадони ёнида олаётган вақтида тезкор тадбир давомида ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди мудирани Жиноят кодексининг 210-моддаси, яъни пора олиш билан боғлиқ жиноятда айбдор деб топган.
Суд ҳукмига кўра, у 2 йил муддатга давлат мактабгача таълим ташкилотлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Манба: O‘zbekiston Respublikasi Oliy sudi.