image

Хоразм вилоятида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масалалари муҳокама этилди

date_range03.02.2026, 12:19
Хоразм вилояти ҳокимлигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Шерзод Ибрагимов ҳамда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдумажид Шермухамедов ҳамраислигида ўтказилди.
Мазкур тадбирда шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят ИИБнинг тегишли соҳавий хизматлари, ҳамда кун тартибидаги масалага масъул бўлган идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Шунингдек, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ҳамда уларнинг тегишли ўринбосарлари йиғилишда видеоалоқа орқали қатнашиб, муҳокамаларда фаол иштирок этдилар. Йиғилиш кун тартибидан вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, аҳоли ва ҳайдовчилар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, профилактик тадбирларни кучайтириш масалалари ўрин олди.
Муҳокамалар давомида масъул раҳбарлар томонидан вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари эшитилиб, айрим ҳудудларда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишига сабаб бўлаётган омиллар танқидий таҳлил қилинди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва ечимлар илгари сурилди.
Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов йўл ҳаракати хавфсизлиги аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу борада барча мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Шерзод Ибрагимов томонидан республика миқёсида олиб борилаётган ислоҳотлар, замонавий техник воситалардан фойдаланиш ҳамда профилактик тадбирларни янада кучайтириш бўйича муҳим кўрсатмалар берилди.
Вилоят ИИБ бошлиғи полковник эса ҳудудий ички ишлар органлари олдида турган вазифаларга алоҳида тўхталиб, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш зарурлигини таъкидлади.Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши белгиланди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати