image

Хоразмда метан заправкалар нима учун огоҳлантиришсиз ёпилди?

date_range20.12.2025, 15:38
Хоразм вилоятида фаолият юритаётган метан заправкаларининг ишлаш вақти бўйича сўнгги кунларда бир неча бор ўзгаришлар кузатилмоқда. Дастлаб метан заправкалар соат 05:00 дан 17:00 гача ишлаши ҳақида маълумот берилган бўлса, кейинчалик уларнинг 05:00 дан 15:00 гача фаолият юритиши маълум қилинган эди.

Бироқ бугун метан заправкалар фақат 05:00 дан 08:30 гача ишлаган ва ҳеч қандай расмий огоҳлантиришсиз ёпилган. Ушбу ҳолат Хоразмда метан ёқилғисидан фойдаланадиган кўплаб ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Вилоятда аксарият транспорт воситалари метан газида ҳаракатланишини инобатга олсак, заправкаларнинг кутилмаганда ёпилиши ҳайдовчиларнинг иш режаларига, юк ташиш ва йўловчи ташиш жараёнларига таъсир кўрсатисги мумкун. Энг асосийси, ҳайдовчилар олдиндан огоҳлантирилмагани сабабли йўлда қолиб кетиш, режаларнинг бузилиши каби муаммоларга дуч келиши ҳам мумкун.

Метан заправкаларнинг огоҳлантиришсиз ёпилиши қанчалик қонуний?

Мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликка мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасида истеъмолчиларнинг ахборот олиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган.

Асосий ҳуқуқий нормалар:
▪️Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, истеъмолчи (бу ҳолатда — ҳайдовчи) кўрсатилаётган хизмат ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш ҳуқуқига эга.
▪️Хизмат кўрсатиш шартлари, жумладан иш вақти ўзгарганда, бу ҳақда истеъмолчилар олдиндан хабардор қилиниши лозим.
▪️Метан заправкалар фаолияти табиий газ таъминоти билан боғлиқ бўлиб, улар Ҳудудгазтаъминот АЖ тизими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ваколатлари доирасида тартибга солинади.

Агар заправкалар фаолияти техник носозлик, босим етишмаслиги ёки фавқулодда ҳолатлар сабабли вақтинча тўхтатилган бўлса, бу ҳақда:
▪️заправка ҳудудида,
▪️расмий Телеграм каналлари,
▪️маҳаллий ОАВ ёки эълонлар орқали очиқ ва аниқ маълумот берилиши шарт.

Акс ҳолда, огоҳлантиришсиз ёпилиш истеъмолчиларнинг ахборот олиш ҳуқуқини чеклаш сифатида баҳоланиши мумкин.