image

Янги йил арафасида “чегирма”лар: истеъмолчилар ва тадбиркорлар нималарга эътибор бериши керак?

date_range13.12.2025, 05:13
Янги йил байрами яқинлашгани сари савдо нуқталарида “акция”, “чегирма”, “фақат бугун”, “бирини олинг — иккинчиси текинга” каби таклифлар кескин кўпаймоқда. Албатта, бундай маркетинг усуллари савдони жонлантириш ва истеъмолчиларни жалб қилишга хизмат қилади. Бироқ Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим тадбиркорлик субъектлари бу жараёнда қонунчилик талабларига риоя қилмай, ёлғон ёки чалғитувчи чегирмаларни эълон қилмоқда.

Энг кўп мурожаатлар нимага боғлиқ?

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Рақобат қўмитасига 48 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми истеъмолчиларга:
 • товар нархи ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот берилмагани,
 • чегирма шартлари яширилгани,
 • акция муддати ва миқдори кўрсатилмагани билан боғлиқ.
Бу ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмоқда.

Қонунчилик нималарни талаб қилади?

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Чакана савдо қоидаларига мувофиқ, сотувчи чегирма эълон қилаётганда қуйидаги мажбуриятларга эга:
Чегирма эълон қилишда:
 • чегирма аниқ фоиз ёки сумма кўринишида белгиланиши;
 • товарнинг олдинги нархи осон ўқиладиган ва аниқланадиган бўлиши;
 • истеъмолчининг талабига кўра, чегирмадан олдинги нарх ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этилиши;
 • чегирма эълон қилинишидан олдинги охирги 30 кундаги энг паст нарх ҳужжатлар билан тасдиқланиши (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно).
Агар:
 • чегирма фақат чекланган миқдордаги товарларга татбиқ этилса;
 • товар мавсумий, яроқлилик муддати яқинлашган, қадоқланиши шикастланган ёки эски захира бўлса, бу ҳақда истеъмолчи олдиндан ва очиқ хабардор қилиниши шарт.
Шунингдек:
 • чегирманинг бошланиш ва тугаш санаси аниқ кўрсатилиши;
 • агар акция махсус шартлар (рўйхатдан ўтиш, шахсий маълумот топшириш ва бошқалар) асосида бўлса, бу шартлар олдиндан эълон қилиниши ва шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиниши лозим.

Рағбатлантирувчи акциялар бўйича талаблар

Сотувчи рағбатлантирувчи акция ўтказишда:
 • акциянинг амал қилиш муддати;
 • сотиб олиш шартлари;
 • акция қўлланиладиган товарлар номи ва миқдорини истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли етказиши, шунингдек эълон қилинган шартларни ўзгартирмаслиги шарт.

Қайси маҳсулотларга акция тақиқланади?

Қонунчиликка кўра, қуйидаги маҳсулотларга нисбатан чегирма ва рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади:
 • алкогол ва тамаки маҳсулотлари;
 • тамаки ва никотин истеъмол қилиш мосламалари;
 • дори воситалари;
 • биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари;
 • энергетик ичимликлар рекламаси доирасидаги акциялар.

Қоидалар бузилса нима бўлади?

Агар тадбиркорлик субъекти юқоридаги талабларни бузса, бу ҳолатлар бўйича:
 • ҳуқуқий баҳо берилади,
 • молиявий жарималар қўлланилади,
 • белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Бу борада Рақобат қўмитаси тадбиркорларни қонунчиликка қатъий амал қилиш ҳақида огоҳлантиради.

Муҳим эслатма

“Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этишлари шарт.

Хулоса

Чегирма — бу маркетинг усули эмас, ҳуқуқий мажбурият.
Истеъмолчи эса ҳар қандай акцияда тўлиқ ва ҳаққоний маълумот олиш ҳуқуқига эга.