
Унга автомашиналар бозорида дастлаб “Дамас” русумли автомашина эгаси Муҳаббат Қурбонова дуч келди. Бу воқеа ўтган йилнинг феврал ойида рўй берди. О. Йўлдошев М. Қурбоновадан автомашинани оилавий юмушларда фойдаланиш учун ойига 1,5 миллион сўм тўлов эвазига ижарага беришни сўради. Ўзаро келишувдан сўнг автоулов унинг ихтиёрига ўтди. Аммо автомашинанинг вақтинчалик эгаси бу имкониятдан “унумли” фойдаланди. У ўзганинг автомашинасини орадан кўп ўтмай ёлғон ваъдалар билан хивалик Эгамберган Рўзиматовга нақд 70 миллион сўмга сотиб юборди. Аслида ушбу автомашина “Капиталбанк”нинг Хоразм вилояти филиали томонидан кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганини Э. Рўзиматовдан сир тутди. Харидор келишилган маблағнинг 60 миллион сўмини санаб берди. Қолган 10 миллион сўм эса, автомашина нотариал тарзда расмийлаштирилгандан кейин бериладиган бўлди. Аммо иш чаппасига кетди. Гаровдаги автомашинани харидор Э. Рўзиматовнинг номига нотариал тарзда расмийлаштиришнинг имкони бўлмади. Бошқача айтганда, жиноий қилмишга суиқасд ҳолати юз берди. Автомашина табиийки, ҳақиқий эгаси М. Қурбоновага қайтарилди. Аммо Э. Рўзиматов 60 миллион сўмни қайтариб ололмади. Чунки О. Йўлдошев бу маблағни аллақачон шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборганди.
Аммо ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш, жумладан, фирибгарликнинг ҳам сўрови бор. Бироқ О. Йўлдошев қилмишининг оқибатини ўйламади.
Аксинча, чўнтагига кирган 60 миллион сўмдан қувониб, яна ўзини автомашина бозорига урди. Шу йилнинг март ойида у бозорда Урганч шаҳрида яшовчи Бахтиёр Рустамовни учратиб қолди. О. Йўлдошев рўпарасида турган Б. Рустамов отаси Умид Шариповга тегишли “Ласетти” русумли автомашинани сотиш ниятида эканини бир пасда англади. Савдо шу ернинг ўзидаёқ пишди. О. Йўлдошев автомашинани 120 миллион сўмга нархланганига эътироз билдирмади. У нақд 60 миллион сўмни шу ернинг ўзидаёқ сотувчининг қўлига тутқазди. Сотувчи ҳам ҳиммат кўрсатди.
Харидорнинг автомашина учун тўланмасдан қолган 60 миллион сўм миқдоридаги маблағни тез кунда етказиб беришга қаратилган ваъдасига ишонди. Аммо орадан кунлар, ҳафталар ўтса-да, насия насиялигича қолди. Ўзганинг автомашинасини алдов йўли билан қўлга киритган фирибгар фурсатни ҳам, имконни ҳам бой бермади. Яъни автомашинани алдов йўли билан бошқа бир фуқарога 120 миллион сўмга сотиб юборди.
Автомашинанинг эгасига сариқ чақа ҳам бермади. Аввалги 60 миллион сўмлик текин топилган сармоянинг миқдори яна 60 миллион сўмга ортиб, жами 120 миллион сўмга етди. Аммо фирибгарлик қилмишининг боши берк кўчасига кирган кимса учун бу ҳам кифоя эмас экан. У ана шундай ғаразли хаёллар билан яна бозорга отланди. Бу гал у Урганч шаҳар “Жайҳун” кўчасида яшовчи Исломбек Абдуллаевнинг “Капиталбанк”нинг Урганч филиали томонидан кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган “Ласетти” русумли автомашинасига харидор бўлди. Амалдаги тартиб-таомилларга кўра, гаровдаги мулкни сотиш ёхуд сотиб олиш мумкин эмас.
О. Йўлдошев буни яхши билса-да, ҳаммасига қўл силтади. Сотувчини авраб-алдаган куйи унга тегишли автомашинани 150 миллион сўмга сотиб олиш ниятида эканини айтди. Сотувчи ҳам бунга рози бўлди. Харидор автоулов эгасига ўзаро келишилган пулнинг 95 миллион сўмини берди, 55 миллион сўм яна насияга айланди. Афсуски, бу гал ҳам орадан анча вақт ўтса-да, насия нақдга кўчмади. Автомашина эгаси И. Абдуллаевнинг қарзни ундиришга қаратилган барча саъй-ҳаракати зое кетди. Фирибгар О. Йўлдошев гаровдаги автомашинани сотиш учун харидор излашга тушди. Янгибозор туманидаги Бўзқалъа қишлоғида яшовчи Бобомурод Хўжабоев у кутган харидор бўлиб чиқди. О. Йўлдошев гаровдаги автомашинани 170 миллион сўмга сотиб юборди.
Лекин автомашинани харидорнинг номига расмийлаштириб бермади.
Аниқроғи, нотариал идора буни рад этди. Бунинг оқибатида Б. Хўжаев 150 миллион сўм миқдорида зиён, фирибгар О. Йўлдошев шунча миқдордаги маблағни қўлга киритди.
Фирибгарлик қилмишининг турли хил усуллари бор. Шулардан бири – О. Йўлдошев ҳадисини олган автоулов эгаларининг ишончини қозонишдир.
Фирибгар О. Йўлдошев ғаразли мақсадини амалга оширишда ана шу усулдан усталик билан фойдаланди. Ўзи харид қилган автомашиналарнинг ҳақини ҳар гал қисман тўлашга эришди, уларни сотиш маҳали насияни имкон қадар четлаб ўтиш пайида бўлди. 15 нафардан ортиқ фуқаро ўзларига тегишли автомашиналар фирибгар учун фойда манбаига айланишини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаганди.
Албатта, О. Йўлдошев хомтаъма бўлганидек, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб кетмади. Жабрланувчиларнинг мурожаатидан сўнг ўтказилган тергов-тафтиш тадбирлари асносида ҳаммаси ойдинлашди.
Машинафуруш фирибгар атиги 5 ой давом этган жиноий кирдикорлари мобайнида ўз тузоғига тушган 15 нафар фуқарога 879,2 миллион сўм миқдорида моддий зиён етказгани маълум бўлди. Суд ва тергов ҳужжатларида қайд этилишича, О. Йўлдошев содир этган фирибгарлик жинояти оқибатида қорақалпоғистонлик харидор Х. Эшимбетовнинг бир ўзи нақд 191 миллион сўм миқдорида зиён кўрган. Фирибгар уни устамонлик билан алдаган, яъни бошқа шахсларни чув тушириш йўли билан қўлга киритган 2 та автомашинани ўзиники қилиб кўрсатган ва 290 миллион сўмга сотган. Х. Эшимбетов дастлабки тўлов тарзида нақд 191 миллион сўмни фирибгарга санаб берган. Томонлар қолган салкам 100 миллион сўмни автомашиналарни нотариал тартибда расмийлаштиргандан сўнг беришга келишишган. Аммо бу гал ҳам ишдан ишкал чиққан. О. Йўлдошев ҳар икки автомашинани Х. Эшимбетовнинг номига расмийлаштириб беришнинг имконини тополмаган. Бундай вазиятда содир этилган қилмишни поёнига етган жиноий ҳаракат сифатида баҳолашнинг имкони йўқ. Шу боис тергов органи рўй берган ҳолатни фирибгарликка суиқасд сифатида малакалади.
Суд ва тергов жараёнларида О. Йўлдошев томонидан содир этилган қилмишлар синчиклаб ўрганилди. Кўпгина қилмишлар охиригача амалга оширилгани, айрим кирдикорлар уни содир этган шахснинг хоҳишига зид равишда ва ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, охирига етмай қолгани маълум бўлди. Суд О. Йўлдошевни Жиноят кодексининг тугалланган ва тугалланмаган жиноий қилмишларни назарда тутувчи 25,168 ва 168-моддалари 4-қисми “а” банди бўйича айбдор, деб топди.
Ушбу жараёнда қонун тарафидан инобатга олиниши зарур бўлган бошқа ҳолатлар ҳам юз берди. Судда жабрланувчи мақомида кўрсатма берган Б. Рўзиматов ўзига тегишли 60 миллион, М. Ражабов 55, М. Машарипов 140 миллион сўм миқдоридаги маблағни айбланувчидан қайтариб олганини таъкидлаб, даъводан воз кечганини билдиришди. Суд О. Йўлдошев томонидан фирибгарлик йўли билан эгаллаб олинган бир неча автомашина эгаларига қайтарилганини ҳам эътироф этди.
Жабрланувчиларга етказилган зиённи қоплаш чоралари ҳам кўрилди.
Судланувчининг ҳисобидан жабрланувчи Э. Рўзиматовга 65 миллион, Б. Хўжабоевга 110 миллион, Ш. Полвоновга 111,2 миллион, С. Оллабергановга 130 миллион, Г. Йўлдошевага 122 миллион, Х. Эшимбетовга 191 миллион, Ғ. Иброҳимовга 150 миллион — жами 879,2 миллион сўм миқдоридаги зиён ундириладиган бўлди. Қилмиш учун жазо муқаррар. Суд О. Йўлдошевга Жиноят кодексининг 168 ва 25,168-моддалари 4 қисми “а” бандига асосан жазоларни бир-бирига қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Хулоса қилиб айтганда, адолат қарор топди. Фирибгарликка муккасидан кетган О. Йўлдошев охир-оқибат қонун олдида қилмишлари учун жавоб берди, ўзгаларга етказган жабр-у ситамларининг ажрини тортди. Зеро, нафсига эрк бериб, қонунни, инсонийлик таомилларини топтаган кимсаларни ҳамиша шу каби аччиқ қисмат кутади. Буни ҳеч қачон унутмаслик лозим.
Бунёд Якубов,
жиноят ишлари бўйича
Урганч тумани суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист