image

2021 йилда Хоразм вилоятидаги ҳокимларнинг 430 та қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

date_range18.02.2022, 17:16
Бошқа соҳалар сингари суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқ манфаатлари, инсон ва жамият иродасини намоён этиш. Ушбу ислоҳотларни янада самарали амалга ошириш ҳамда халқчиллигини таъминлаш мақсадида маъмурий судлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Маъмурий судларнинг асосий вазифаларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни, шунингдек, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг хати-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни кўриб чиқиш эканлиги қонун билан белгилаб қўйилган.Хоразм вилоят ва Урганч туманлараро маъмурий судлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг маҳаллий ҳокимликларнинг ер ажратиш, эгалик ҳуқуқини белгилаш ва бошқа шу каби ерга оид қабул қилинган қарорларидан норози бўлиб берган шикоятлари кўриб чиқилиб, қонуний ва асосли суд ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Хусусан, вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йил давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 1633 та маъмурий иш кўриб тамомланган бўлиб, шуларнинг 719 тасини ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, 335 тасини ҳокимлик мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан берилган аризалар бўйича кўрилган ишлар ташкил этади.
Маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ кўрилган
335 та ишларнинг аксарият қисмини фуқаролар ва юридик шахслар томонидан туман ва шаҳар ҳокимликларига турар-жой ва нотурар биноларга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаб бериш ҳақидаги мурожаатлари билан боғлиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизлик юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар ташкил этади.
2021 йил давомида ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги жами 719 (2020 йил давомида 377) та аризалар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 430(230) таси бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 430 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Ҳақиқий эмас деб топилган қарорлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 200 тага ёки 46,6 фоизга кўпайган.
Хусусан ҳақиқий эмас деб топилган жами 430 та қарорнинг
163 таси Урганч шаҳар, 72 таси Урганч туман, 67 таси Ҳазорасп туман,
25 таси Қўшкўпир туман, 23 таси Хонқа туман, 22 таси Тупроққалъа туман, 15 тадан Гурлан ва Янгиариқ туманлари, 7 таси Хива шаҳар,
6 тадан Шовот ва Хива туманлари, 4 таси Янгибозор, 3 таси Боғот туман,
2 таси вилоят ҳокими томонидан қабул қилинган қарорлар ташкил этади.
Ҳақиқий эмас деб топилган ҳоким қарорларининг 211 таси турар жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ёхуд илгари белгиланган эгалик ҳуқуқини бекор қилиш, 129 таси ер майдони ажратиш, 49 таси фермер хўжаликларининг ер майдонлари олиб қўйилиши ҳамда 41 таси нотурар бинога нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ёхуд илгари белгиланган эгалик ҳуқуқини бекор қилишга оид ишлар ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахслари томонидан ерга оид қарорларни қабул қилишда деярли барча ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунига амал қилмаслик ҳолатлари мавжуд. Гарчи
2020 йилда туман, шаҳар маъмурий судлари томонидан юқорида қайд қилинган қонунда белгиланган талабларга амал қилинмаганлиги учун кўплаб маҳаллий ҳокимликлар қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган бўлса-да, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўтган йилдан тўғри хулоса чиқарилмасдан 2021 йилда ҳам шу каби қонунбузилиш ҳолатлари такрорланган.
Бугунги жадал ривожланиш даврида ер муносабатларини тартибга солиш, ерлардан оқилона фойдаланиш бирламчи эътиборталаб масалалардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишни таъминлаш мақсадида 2021 йил 08 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-6243-сонли Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон билан қонунчилигимизга ер муносабатларини тартибга солишга оид кўплаб янги қоидалар киритилди.
Мазкур Фармон умуммиллий бойлигимиз бўлган ерни ҳимоя қилиш, ер муносабатларини қонуний тартибга солиш борасида янги даврни бошлаб берди. Эндиликда маҳаллий ҳокимликларнинг ерларни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати мавжуд бўлмасдан, мазкур масала ер ажратишнинг шаффоф механизми бўлган электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди.
“Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–708-сон, 16.08.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Мазкур Қонун билан суғориладиган ерни қурилиш қилиб ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик ҳамда суғориладиган ерни сотиш ёки уни қонунга хилоф тарзда ўзгага бериш учун жавобгарлик белгиланди.
Бундан ташқари, қонун билан ерга оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилди.
Шунингдек, Ер кодексида вилоят ҳокимларининг қишлоқ хўжалик эҳтиёжлари ҳамда бошқа давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш ваколати бекор қилиниб, ҳокимлар фақат ерни ижарага бериш бўйича танлов якунларини тасдиқлаши белгилаб қўйилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ер муносабатларида юзага келаётган низоларни тўғри, холисона, қонуний ва адолатли ҳал қилишда маъмурий судлар томонидан қонун нормаларига, хусусан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва бошқа соҳага тааллуқли қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда қарорлар қабул қилиниб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари тикланмоқда.
 
Дилмурод Юсупов,
Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси