image

Гурлан туманида йил якунлари ёҳуд рақамлар гапирганда: 68,3млрд сўм, 320,4млрд сўм ва 89,8%.

date_range14.11.2021, 01:41
Гурлан туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш рейтинг баҳолаш натижалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунлари билан кутилаётган натижалар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Давлатовнинг ахбороти.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш” тўғрисидаги ПҚ-4702-сонли қарорига асосан ҳар бир туман ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб рейтинг баҳолаш натижаларига кўра “яхши”, “ўрта”, “қониқарсиз” тоифаларга ажратиб чиқилиши белгиланган.
Гурлан тумани 2021 январь-сентябрь ойлари бўйича тезкор баҳолаш натижаларига асосан умумий 70,48 балл тўплаган.
Жумладан, статистик кўрсаткичларга асосан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича 25,09 балл;
Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари бўйича 23,02 балл;
Аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари бўйича 22,37 балл билан баҳоланган.
Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини йўналишлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак,
Иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича:
туманда ишлаб чиқарилган ҳудудий саноат маҳсулоти ҳажми 68,3 млрд сўм, аҳоли жон бошига 458,7 минг сўмни ташкил қилган;
хизматлар ҳажми 320,4 млрд сўм, аҳоли жон бошига 2,2 млн сўмни ташкил қилган;
чакана  товар айланмаси 605,3 млрд сўм, аҳоли жон бошига 4,1 млн сўмни ташкил қилган;
марказлашмаган инвестиция ҳажми 261,6 млрд сўм, аҳоли жон бошига 1,8 млн сўмни ташкил қилган;
ҳудудий корхоналар томонидан 7,7 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган бўлиб, аҳоли жон бошига 51,9 АҚШ доллардан тўғри келган.
Меҳнат бозорининг самарадорлиги кўрсаткичлари бўйича:
аҳолининг бандлик даражаси 89,8 фоизни ташкил қилган;
вақтинча ишлаш учун хорижга кетганларнинг иқтисодий фаол аҳолининг умумий сонидаги улуши 15, 4 фоизни ташкил қилган;
Ишсизлар сони 6664 нафарни, 1 бўш ўринга тўғри келадиган ишсиз ўртача 16 нафарни ташкил қилган.
Иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари бўйича:
саноат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларига нисбати 13,7 фоизни;
истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми аҳоли жон бошига 859,5 минг сўмни;
тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 42,3 фоизни ташкил қилган;
- 1014 гектар майдонлар сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланган.
Ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичлари бўйича:
фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектлари сони 11 тани ташкил этиб, жами тадбиркорлик субъектларидаги улуши 0,8 фоизни ташкил этган;
кичик бизнес субъектлари томонидан 463 та янги иш ўринлари ташкил қилинди;
9 ой давомида янгидан 191 та кичик бизнес субъектлари ташкил қилинган ҳамда 54 таси тугатилган.
Маҳаллий солиқларнинг йиғувчанлик кўрсаткичлари бўйича:
- январь-сентябрь ойларида 108,6 млрд сўм солиқлар ҳисобланиб 106,8 млрд сўм (98,3 фоиз) солиқлар ундирилган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари бўйича:
- ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 4 тани ташкил қилган;
- келиб тушган 782 та мурожаатларнинг 519 таси, яъни 66,4 фоизи қаноатлантирилган.
Ижтимоий соҳадаги хизматларнинг ҳаммабоплиги ва сифат кўрсаткичлари бўйича:
- мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 76,8 фоизни;
- умумтаълим мактабларининг юкламаси коэффициенти 1,02 ни;
- ҳар 10 минг кишига тўғри келадиган касалхона койкалари сони 21,4 тани;
- оналар ўлими 1 нафарни;
- 1 ёшгача бўлган болалар ўлими 24 тани ташкил қилган.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида “ўрта” ҳудуддан “яхши” ҳудуд тоифасига ўтиш бўйича барча имкониятлар мавжуд.
Жумладан, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ишга тушган лойиҳалар ишлаб чиқариш ҳажмларини статистика ҳисоботларида акс эттирилишини таъминлаймиз.
Жорий йил якунигача 3 та саноат лойиҳаларини амалга ошириш орқали йилига қўшимча 6,3 млрд сўм маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари яратилади ҳамда 25 та янги иш ўринлари яратилади.
2022 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида қиймати 314,6 млрд сўмлик 26 та лойиҳалар шакллантирилади, жумладан,  саноат ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш мақсадида тумандаги пахта-тўқимачилик кластери “Гурлан глобал текс” МЧЖ томонидан “тўқув цехини ва бўёқ цехини кенгайтириш, калава-ип, тикувчилик маҳсулотлари ва ёғ-мой ишлаб чиқариш, “Хоразм воҳа гиламлари” МЧЖ томонидан гилам ишлаб чиқариш, “Перфект Платиниум” МЧЖ томонидан тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш, "Хоразм веломастер" МЧЖ томонидан велсипед ишлаб чиқариш, "Baraka Haniff" МЧЖ ҳамда “Сифат Ишонч гарови” МЧЖлар томонидан ош тузи ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
Хизматлар ҳажмини ошириш мақсадида 20 та лойиҳалар амалга оширилади ҳамда улар томонидан кўрсатилган хизматларнинг статистика ҳисоботларида акс эттирилиши таъминланади.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги хизмат кўрсатиш шохобчаларини хатловдан ўтказиб, етишмайдиган хизмат турлари, кўчма хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича ҳар бир маҳаллага иқтисодий комплексга қарашли ташкилотлар ҳамда тижорат банкларидан 1 нафардан масъуллар бириктирилиб, ҳудудларда уй-уй юриш орқали хизматлар соҳаси бўйича 232 та лойиҳа аниқланди. Бугунги кунга келиб 21 та лойиҳалар ишга туширилди. Ноябрь-декабрь ойларида 25 та, 2022 йилда 191 та лойиҳалар ишга туширилиши таъминланади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида бугунги кунда туманда давлат рўйхатидан ўтказилган кичик бизнес субъектлари 1442 тани ташкил қилади.
Йил бошидан жами 717 та — 494 та якка тартибдаги тадбиркорлик ва
223 та кичик бизнес субъектлари ташкил қилинди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида туманда меҳнат ресурслари 82,1 минг нафар, шундан 65,6 минг нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Жами меҳнат фаолияти билан банд аҳоли 58,9 минг киши, шундан расмий соҳада бандлар 20,3 минг киши, норасмий соҳада бандлар 28,5 минг киши, шундан 10,1 минг нафари хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда. Туманда ишсизлар 6 664 нафар, яъни ишсизлик даражаси 10,2 фоизни ташкил қилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида туман 935 нафар фуқаролар турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди.
Бундан ташқари, фуқароларни турли йўналишларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш орқали 774 нафар фуқароларнинг бандлиги таьминланди. 27 нафар тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга  субсидия ажратилди.
Квота асосида 127 нафар фуқаролар турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди.
 308 нафар фуқаролар турли хил касб-ҳунарга йўналтирилиб ўқитилди.
2021 йил январь-сентябрь ойлари давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш режаси 1064 тага, яъни 111,8 фоизга бажарилди.
Шундан, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 181 та, янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига 475 та, янги оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 476 та иш ўринлари яратилди.
Туманда солиқлар тушумини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари ундирилишини таъминлаш мақсадида солиқ идораси, иқтисодий комплексга қарашли ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда иш олиб борамиз. Маҳаллий бюджетга тушумлар бўйича белгиланган прогнозлар бажарилишини таъминлаймиз.
Юқорида қайд қилинганларни муҳокама қилиб “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Гурлан туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Гурлан туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш рейтинг баҳолаш натижалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунлари билан кутилаётган натижалар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Давлатовнинг ахбороти маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Сектор раҳбарлари (М.Ачилов, Қ.Рахманов, Ш.Рамазанов, А.Уразбаев)га, туман ҳокими 1-ўринбосари У.Давлатовга, туман ҳокими ўринбосарлари (У.Жумагалдиев, Т.Эрназаров, М.Уразметов, Б.Аташев, Р.Досимов)га тегишли ташкилот раҳбарлари билан биргаликда:
- рўйхатга киритилган меҳнатга лаёқатли ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка, касб-ҳунар ўқитишга жалб қилиш чораларини кўриш;
- бюджет даромадлари базасини кўпайтириш, яширин иқтисодиётни аниқлаш, қўшимча манбаларни излаб топиш чораларини кўриш;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти порталидан келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал қилиш юзасидан назорат ўрнатиш;
- секторлар кесимида ишларни тўғри ташкил қилиш, барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;
- янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш;
- ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;
- аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш;
- рақобатбардошлик даражасини ошириб, иқтисодиётни янада диверсификация қилиш;
- ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш;
- молиявий мустақилликка эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш;
- фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш чораларини кўриш топширилсин.
3. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг, хусусан, ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан депутатлик назорати ўрнатсинлар.
4. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарига ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш топширилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш сектор раҳбарлари (М.Ачилов, Қ.Рахманов, Ш.Рамазанов, А.Уразбаев) зиммаларига юклатилсин.
Туман ҳокимиM.A.Ачилов
Yopish