image

Хоразмдан Россияга учиши керак бўлган парвоз қолдирилди.

date_range26.02.2022, 23:30
 
Жорий йилнинг 25 февраль куни соат 21:00 да “ИрАэро” авиакомпаниясининг режалаштирилган парвоз рақами IAE7266 Урганч –  Санкт-Петербург йўналиши бўйича парвоз амалга оширилмаган.

Парвоз амалга оширилмаганлигига сабаб эса мазкур авиакомпания ушбу чартер қатновини амалга оширишга рухсатнома олиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда “Ўзавиация” агентлигига ўз вақтида сўровнома тақдим қилмаган. 

Яъни, Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномалар хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан “Ўзавиация” агентлигига бир марталик парвозни амалга оширишдан камида уч кун олдин тақдим этилиши лозим.

Йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига риоя этишни таъминлаш мақсадида "Ўзавиация" агентлиги томонидан 2020 йилнинг октябрь ойида авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган “Ўзавиация” агентлигидан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.

Бироқ шунга қарамасдан, “ИрАэро” авиакомпанияси Урганч – Санкт-Петербург йўналишида чартер парвоз учун авиачипталар сотувини ташкил этган. Натижада авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалга келишган. Аммо ваколатли органнинг тегишли рухсатномаси бўлмаганлиги сабабли парвоз бажарилмаган. 

Ушбу рейсда парвоз қилиши лозим бўлган барча йўловчиларнинг чипта пуллари ҳамда ПЗР тест таҳлили натижалари учун сарфлаган харажатлари мазкур чартер қатнови ташкилотчилари томонидан тўлиқ қоплаб берилган. 

Шу ўринда йўловчилар ва авиакассалар мутасаддиларидан авиачипталарни сотиб олиш ёки сотишдан олдин "Ўзавиация"  агентлиги веб-сайтининг бош саҳифасидаги "Ахборот жадвали" бўлимида режалаштирилган чартер парвозларининг  ҳолати билан танишиб чиқишни тавсия этамиз.


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати